ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИДА ОЧИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШГА МАСЪУЛ БЎЛГАН ХОДИМЛАР УЧУН ИККИ КУНЛИК ТРЕНИНГ БОШЛАНДИ

Бугун,  22 июнь  Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) кўмагида ўтказилаётган “Очиқ маълумотлар экотизимини ривожлантириш, очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик маданиятини ошириш” мавзусида икки кунлик тренинг ўз ишини бошлади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-154-сон Фармони билан Агентлик зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларини мунтазам ўқитиш ва малакасини оширишни самарали ташкил этиш мақсадида ўтказилмоқда.

Унда 20 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг очиқликни таъминлашга масъул бўлган 40 нафардан зиёд давлат хизматчилари иштирок этмоқда. 

Тренинг очилиш маросимида Агентлик директори Акмал Бурханов ҳамда ЕХҲТнинг иқтисодий ва экологик фаолият бўйича мувофиқлаштирувчи идораси вакили, Иқтисодий ҳамкорлик ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳатчи Эни Гьерджи иштирок этди.

Агентлик директори таъкидлаганидек, Ўзбекистонда очиқ маълумотларга ҳукумат шаффофлигининг муҳим воситаси ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган омил сифатида катта аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг 16 июнида давлатимиз раҳбари томонидан “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Фармон билан Агентлик тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиялар иш бошлади.

Агентлик томонидан Фармон билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ўз вақтида белгиланган aхборот ресурсларида жойлаштириб борилиши устидан доимий мониторинг ўтказиш тизими йўлга қўйилган.

Агентлик томонидан ишлаб чиқилган яна бир муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 14 июндаги ПФ-154-сон Фармони билан Очиқлик индексини шакллантиришга хизмат қилувчи Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва рейтинг баҳолаш бўйича методика тасдиқланди. Ушбу методикани ишлаб чиқишда ЕХҲТнинг экспертлари ҳам жалб этилди.

Тадбир давомида мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти, Очиқлик индексини шакллантириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва рейтинг баҳолаш тартиби, бу жараёнларда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг вазифа ва ваколатларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

 Тадбир дастуридан давлат идоралари вакилларининг очиқ маълумотлар сиёсати ва уни амалга ошириш механизмлари соҳасидаги салоҳиятини оширишга қаратилган бошқа муҳим мавзулар ҳам ўрин олган.  

Жумладан, тадбирнинг дастлабки кунида иштирокчиларга оммавий маълумотлар ва очиқ маълумотлар ўртасидаги фарқ, давлат муассасаларида очиқ маълумотларни жорий этишнинг асосий босқичлари, очиқ маълумотлар форматлари хусусида батафсил маълумот берилди.

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати

22 июн, 2022