ОЧИҚЛИККА ОИД ҚОНУНЧИЛИК ТАЛАБЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНДИ
Маълумки, амалдаги қонунчиликда Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши кўрсатилган бўлсада, мазкур жавобгарлик айнан қайси ҳуқуқий норма асосида тартибга солиниши белгиланмаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони ижросини таъминлаш ва қонунчиликдаги мазкур бўшлиқни бартараф этиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қонун жорий йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 215-7-моддаси билан тўлдирилиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Шунингдек, Кодекс 245-10-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра, мазкур тоифадаги ишлар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судга юбориш тартиби жорий этилмоқда.
Эндиликда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан, Очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш ёки маълумотларни нотўғри кўрсатиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Маълумот ўрнида: Очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони (1-иловаси) билан тасдиқланган бўлиб, унда давлат органлари ва ташкилотларига 35 та тоифадаги ахборотларни жойлаштириб бориш вазифаси юклатилган.
Ахборотларнинг 14 таси республикадаги барча давлат органлари ва ташкилотлари, 1 таси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда 20 таси республика даражасидаги аниқ белгиланган 12 та вазирлик ёки идоралар томонидан киритиб борилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тўлдирилаётган янги моддасига мувофиқ, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни белгиланган ахборот ресурсларида жойлаштириб бориш мажбуриятига риоя этилмаганлик учун қуйидаги жазо чоралари кўрилади:
- мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача (900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача) миқдорда жарима;
- худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача) миқдорда жарима қўлланилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати