“ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИ ОЧИҚЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ”

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини баҳолаш мезонлари” мавзусида икки кунлик семинар бошланди. 

Унда 30 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлари иштирок этмоқда.  

Мазкур тадбир Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларини очиқ маълумотлар сиёсати ва уни амалга ошириш механизмлари соҳасидаги салоҳиятини ошириш мақсадида амалга ошириб келинаётган ишларнинг мантиқий давомидир.

 

Маълумот учун: Бугунги кунда Агентлик томонидан давлат органларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларни мунтазам ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўзида давлат органларининг соҳага масъул ходимларини ўқитишга қаратилган 10 та семинар ташкил этилиб, 200 дан ортиқ давлат хизматчилари ўқитилиши таъминланди.

Бундан ташқари, доимий равишда давлат органларининг очиқликни таъминлашга оид мажбуриятларга риоя этилиши масофавий мониторинг тартибида мунтазам ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қатор давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш соҳасидаги мажбуриятларга риоя этиш тизимли йўлга қўйилмаган, яъни маълумотларни эълон қилиш учун масъуллар, уларни эълон қилиш тартиби, муддатлари каби масалалар аниқ белгиланмаган. Бунинг натижасида эса расмий веб-сайтларда ёки Очиқ маълумотлар порталида маълумотларни ўз вақтида эълон қилмаслик ёки тўлиқ очиқламаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

Агентлик томонидан бу каби семинарларни доимий ташкил этиш орқали йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар бўйича атрофлича тушунтириш, амалий маслаҳат ва тавсиялар бериб борилмоқда.

 

Таъкидлаганидек, мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти жамоатчилик учун очиқ ва  шаффоф бўлиши, мансабдор шахсларнинг эса халқ олдида ҳисобдорлиги давлат раҳбари даражасидаги қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаб қўйилди.

Жумладан, 2021 йил 16 июнда давлатимиз раҳбари томонидан “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ўз вақтида белгиланган aхборот ресурсларида жойлаштириб борилиши устидан доимий мониторинг ўтказиш тизими йўлга қўйилди.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Унга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 215-7-модда билан тўлдирилиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Агентлик томонидан ишлаб чиқилган яна бир муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-154-сон Фармони билан давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди.

 

Маълумот учун: Агентлик томонидан йил якунида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси эълон қилинади.

 

Очиқлик индекси давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиш каби 8 та индикаторлар асосида баҳоланиши белгилаб қўйилди.

Семинар давомида иштирокчиларга мазкур индикаторларга оид маълумотларни эълон қилиб бориш, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талабларга риоя этиш, Очиқлик индексида юқори кўрсаткичларни қайд этиш учун эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида тушунтиришлар берилмоқда.

Тадбир дастуридан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан  очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиш ҳолати таҳлилига бағишланган маърузалар ҳам ўрин олган. Айни мавзудаги мулоқот мобайнида ўрганиш ва масофавий мониторинг натижалари бўйича аниқланган хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ва олдини олиш борасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Семинарда, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги, расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолатларини баҳолаш масалалари кўриб чиқилади.

Иштирокчиларга ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши масалалари хусусида ҳам батафсил маълумот берилади.

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати

15 ноябр, 2022