Жорий йилнинг 1 май куни Олий Мажлис Сенатида Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2022 йил ва 2023 йил биринчи чорагида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириш керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларининг Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz) ва ўз расмий веб-сайтларига белгиланган вақтда жойлаштириши юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, тегишли давлат органлари ва ташкилотлар масъуллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Агентлик директори А.Бурханов маълумот берди.
Қайд этилганидек, Агентлик томонидан илк бор жорий йилда “Очиқлик индекси” баҳолаш рейтинги эълон қилинди. Баҳолаш жами 86 та давлат органи ва ташкилоти (шундан 21 таси вазирлик, 14 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органи, 32 таси давлат иштирокидаги ташкилот, 19 таси қўмита ва агентлик)ни қамраб олди.
Индекс натижалари давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган “Open.index” электрон платформаси орқали кенг жамоатчиликка эълон қилинди.
Баҳолаш жараёнларини ҳар томонлама сифатли ташкил этиш мақсадида Агентлик томонидан ўтган давр мобайнида давлат органларига мазкур йўналишда мунтазам методик ва амалий ёрдам кўрсатилиб, ушбу фаолиятини юқори самарадорлик асосида ташкил этишга кўмаклашиб борилди.
Жумладан, очиқликни таъминлашга масъул ходимларни тизимли ўқитиш йўлга қўйилиб, 2022 йилда хорижий экспертлар иштирокида ўтказилган 10 та ўқув курсларида 200 нафар ходимнинг малакаси оширилди.
Ўзаро муҳокамалар жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг 2023 йилги очиқлик фаолиятини ўрганишда ҳукумат таркибига кирмайдиган давлат органлари ва ташкилотларини, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларини қамраб олиш чораларини кўриш масаласига алоҳида урғу берилди.
Мажлисда бугунги кунда аксарият давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тегишли ахборот ресусрларида давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ эълон қилинмаётганлиги ҳам танқидий кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари томонидан ўз сессияларини маҳаллий телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали эфирга узатилиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.
Мониторинг натижалари кўрсатишича, 2022 йил давомида халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан ўтказилган жами 245 та сессиядан фақатгина 61 таси, яъни 25 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган.
Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан эса Республика бўйича ўтказилган жами 3 154 та сессиядан бор-йўғи 750 таси, яъни 24 фоизи онлайн ёритилган.
Юқоридаги ҳолатлар маҳаллий Кенгашларнинг ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия раислари томонидан доимий назоратга олинишига келишиб олинди.
Мулоқотлар мобайнида янги таҳрирдаги Конституцияда очиқликни таъминлаш бўйича киритилаётган янги нормалар ва уларнинг муҳим аҳамияти хусусида ҳам маълумот берилди.
Таъкидланганидек, эндиликда ижро этувчи ҳокимият органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция ҳолатларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича чоралар кўрилиши Бош қомус даражасида белгилаб қўйилди.
Муҳокама этилган масалалардан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, уларни бартараф этиш, очиқликни таъминлашни янада кучайтириш борасида Агентлик томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари учун ўз расмий веб-сайтида жойлаштирилиши мажбурий бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг намунавий шаклларини тасдиқлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахсларни жавобгарликка тортиш ваколатидан кенг фойдаланиб бориш лозимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик фаолиятини ўрганишда маълумотларни расмий веб-сайтга жойлаштирилганлик ҳолати билан бирга уларнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш, мониторинг ва баҳолаш жараёнларини инсон омилини кескин камайтиришга қаратилган рақамли назорат шаклида олиб бориш орқали такомиллаштириш юзасидан ҳам қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати