Жорий йилнинг 11 май куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида 70 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг очиқ маълумотлар сиёсати ва уни амалга ошириш механизмлари соҳасидаги салоҳиятини ошириш мақсадида навбатдаги икки кунлик семинар ташкил этилди.
Маълумот учун: 2022 йилда Агентлик томонидан давлат органларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларини ўқитишга қаратилган 10 та семинар ташкил этилиб, 200 дан ортиқ давлат хизматчилари ўқитилиши таъминланди. Мазкур семинар ана шундай тадбирларнинг мантиқий давомидир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 154-сон фармонига мувофиқ, Агентлик томонидан илк бор жорий йилда “Очиқлик индекси” рейтинги эълон қилинди.
Унда 86 та давлат органи ва ташкилотининг очиқликни таъминлаш соҳада амалга ошираётган ишлари самарадорлиги ҳамда натижадорлиги 84 та мезонни қамраб олган 8 та индикатор асосида баҳоланди.
Баҳолаш жараёнларини ҳар томонлама сифатли ташкил этиш мақсадида Агентлик томонидан ўтган давр мобайнида давлат органларига мазкур йўналишда мунтазам методик ва амалий ёрдам кўрсатилиб, ушбу фаолиятни юқори самарадорлик асосида ташкил этишга кўмаклашиб борилди.
Шунингдек, баҳолаш жараёнларининг холис ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида мазкур Фармон билан Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссияси ташкил этилди.
Маълумот учун: Баҳолаш комиссияси Очиқлик индексини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш ҳамда Очиқлик индекси бўйича якуний қарор қабул қилувчи коллегиал орган ҳисобланиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги мутахассислари, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда ННТлар вакилларидан ташкил топган.
Якуний натижаларга кўра, 15 та давлат органининг очиқликни таъминлаш фаолияти “яшил” (71-100 балл), 44 таси “сариқ” (55-71 балл) ва 27 таси “қизил” (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичлари билан баҳоланган.
Мазкур семинарда асосий эътибор Очиқлик индекси натижалари асосида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги ижобий тажрибасини оммалаштириш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш, шунингдек, бу борадаги фаолиятни янада яхшилаш бўйича тавсия ва тушунтиришлар беришга қаратилди.
Шу мақсадда иштирокчиларга очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш, Очиқлик индексининг баҳолаш индикаторларига оид маълумотларни ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ эълон қилиб бориш билан боғлиқ масалаларда атрофлича маълумот берилди.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимига оид масалалар муҳокама қилинди.
Мутахассислар томонидан давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар, шунингдек, жамоатчилик кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш борасида ҳам зарур тавсиялар берилди.
Семинар мобайнида бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши, Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши, оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати ҳам кўриб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати