Агентлик директори А.Бурханов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ҳамда бу борадаги чора-тадбирларни белгилаб олишга кўмаклашиш юзасидан ҳудудларда ўтказиб келинаётган ўрганишлар 28-29 сентябрь кунлари Бухоро вилоятида давом эттирилди.

Ишчи гуруҳ томонидан Президент фармон ва қарорларида белгиланган инвестиция дастурлари доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича Агентликка юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ўрганишлар ўтказилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18-сентябрдаги ПҚ-5246-сон қарорига асосан, Ислом тараққиёт банки ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликнинг таъминланганлиги Бухоро шаҳри ва Вобкент тумани мисолида ўрганилди.

Мазкур Қарорга мувофиқ Бухоро вилоятининг Когон, Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон ва Бухоро каби 5 та туманидаги танлаб олинган 41 та МФЙларда (10 та марказий, 31 та ёндош маҳалла) 283 та бирламчи ва долзарб сублойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.

Жумладан:

40 та умумтаълим мактаблари (14 та спорт заллари билан);

33 та мактабгача таълим ташкилотлари;

21 та тиббиёт муассасалари;

463 км (8 та иншоот билан) ичимлик сув тармоқлари;

316 км (2 та кўприк билан) асосий ва ички йўллар;

53 км пиёдалар йўлаги;

43 км тунги ёритиш тизимлари;

51 км суғориш тизимларини яхшилаш;

1 та тадбиркорлик маркази;

174 та трансформаторларни ўрнатиш ва 340 км электр тармоқларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳалар учун Ислом тараққиёт банки ҳисобидан Бухоро вилоятига 73,7 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш белгиланган.

Ўрганиш доирасида Бухоро шаҳрида лойиҳа доирасида ҳудудларда фаолият юритаётган ижтимоий инфратузилма объектлари (мактаб, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари) ва лойиҳа ташкилотлари муҳандис бўлимлари мутахассислари учун мўлжалланган «Ҳавони кондиционерлаш тизими» мавзусида ўтказилган малака ошириш тренингида иштирок этилди.

Бугун ишчи гуруҳ Вобкент тумани Найман маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, мазкур лойиҳа доирасида маҳалла аҳолиси, фаоллар орасидан ташкил топган ташаббускор гуруҳ билан биргаликда ишлаб чиқилиб, маҳаллий ҳокимият органлари, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий хизмат кўрсатиш объектлари вакиллари билан келишилган “Маҳаллани ривожлантириш режаси” (МРР) билан танишилди.

Мазкур тадбирларда Агентлик директори А.Бурханов лойиҳани амалга ошириш жараёнида шаффофликни таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича Агентлик вазифалари ҳамда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, маҳалла аҳолиси билан мулоқот қилиниб, лойиҳани сифатли амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва бу жараёнда очиқликнинг таъминланиши бўйича доимий назорат олиб боришга келишиб олинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати

29 сентябр, 2023