2024 йил якунлари бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилинди

Куни кеча Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ 2024 йил якунларига кўра давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси асосида тўпланган барча кўрсаткичлар атрофлича муҳокама қилиниб, якуний натижалар кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида: Индекс 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида шакллантирилиб келинмоқда. Бу йилги баҳолашда жами 98 та та республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирлик, қўмита, агентлик, инспекциялар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди.
Баҳолаш натижаларига кўра, 50 та давлат органи “яшил” (2023 йилда 31 та), 35 таси “сариқ” (43 та) ва 13 таси “қизил” (29 та) самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.
Жорий йил баҳолашда ўтган йилга нисбатан “яшил” тоифада баҳоланган давлат идоралари кўлами 21 %га кўпайиб, “қизил” тоифадагилар 15 %га (ижобий ўсиш кўрсаткичлари бўйича) камайган.
Таҳлиллар кўрсатишича, бу йил рейтинг натижалари ўртача 70 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 8 баллга ошган.
Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ (91 балл), Солиқ қўмитаси (90 балл), “Ўзавтосаноат” АЖ
(89 балл) ва “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (89 балл) томонидан кўрсатилган.
Энг юқори ижобий ўсиш “Uzbekistan Airways” АЖ (+42 балл), Транспорт назорати инспекцияси (+46 балл), Спорт вазирлиги (+47 балл), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (+52 балл) томонидан қайд этилган.
Республика даражасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (32 балл), Гидрометеорология хизмати агентлиги (45 балл), Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (50 балл) ва Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (51 балл) қайд этиб, “қизил” тоифада баҳоланган.
2024 йилда давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш ишларининг самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, сезиларли ютуқларга эришилди.
Хусусан, хорижий экспертлар иштирокида очиқликни таъминлашга масъул ходимларни тизимли ўқитиш ва уларга услубий кўмак бериб бориш йўлга қўйилиб, ўтган йилда ўтказилган 11 та ўқув курсида 155 нафар ходимнинг малакаси оширилди.
Халқаро ташкилотлар (ЕХҲТ) кўмагида давлат хизматчиларини онлайн режимда ўқитишга мўлжалланган “E-learning” электрон платформаси ишга туширилиб, очиқликни таъминлашга масъул ходимларни ушбу платформада тизимли ўқитиб келинмоқда.
Маълумот учун: Платформа 9 та интерактив модулдан иборат бўлиб, ҳар бир модул якунида тингловчининг билими синовдан ўтказилади. 2024 йилда платформа орқали давлат идораларининг 670 нафар (510 нафар республика ва 160 нафар маҳаллий) ходимлари ўқитилиши таъминланиб, уларга сертификат тақдим этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 910-сон қарори билан очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятни масофадан мониторинг қилиш тартиби тасдиқланиб, Низом асосида унинг барча тартиб-таомиллари белгилаб берилди. Мазкур қарор билан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг намунавий шакллари тасдиқланиб, ушбу тоифадаги ахборотларни очиқ эълон қилиш шаклига нисбатан ягона ёндашув яратилди.
Бу йилги баҳолаш натижалари асосида очиқлик тизимини янада такомиллаштириш бўйича зарур чоралар изчил давом эттирилади.
Жумладан, “сариқ” тоифадаги давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни амалга оширишга амалий кўмаклашилади.
“Қизил” тоифада баҳоланганларига қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати ва Олий Мажлис Сенати мажлисларида ушбу тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқлик соҳасида йўл қўйган камчиликлари ва уларни бартараф этиш бўйича режалаштирган чора-тадбирлари юзасидан ахбороти эшитилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати