ОЧИҚЛИК СИЁСАТИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш вазифаси юклатилган.
Ушбу Фармон билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, унда шу жумладан, маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб борилиши назарда тутилган.
Бугунги кунда Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати доимий мониторинг қилиб келинмоқда.
2021 йил якунларига кўра, аниқланган қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Агентлик томонидан жами 26 та тақдимнома ҳамда 35 та огоҳлантириш хатлари киритилди.
Шунингдек, очиқлик соҳасидаги қонунчилик талабларини мунтазам бузилишига йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чораларини кўриш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Натижада очиқлик сиёсати юзасидан ишлар етарли ташкил этилмагани, ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун бир қатор мутасадди раҳбарлар огоҳлантирилди (https://gov.uz/uz/news/view/33931).
Бундан ташқари, Агентлик томонидан ҳозирда очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини янада кенгайтириш бўйича таклифлар, шунингдек, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Жумладан, ОАВ вакиллари томонидан қайд этилган масала – маҳаллий ҳокимликлар тасарруфидаги турли жамғармалар ҳисобидан харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда белгиланган муддатларда очиқ эълон қилиб бориш тартиби таклиф этилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати