Жорий йилнинг 5-май куни Коррупция қарши курашиш агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий кенгашлари иштирокида семинар машғулоти бўлиб ўтди.
“Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси” мавзусида ташкил этилган семинар машғулоти доирасида муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Семинар давомида “Очиқлик индекси”ни баҳолаш тизимининг жорий этилиши, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш каби қатор мавзулар юзасидан фикр алмашилди. Ушбу масалаларга оид қонун ва қонуности ҳужжатлари ижроси ҳолати кўриб чиқилди.
Хусусан, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган очиқлик индексининг 2022 йилдаги натижалари таҳлил қилинди. Ҳудудий ҳокимликлар томонидан йўл қўйилган камчиликларга тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, 2022 йил давомида халқ депутатлари Кенгашлари сессияларининг жонли эфирга узатилиш ҳолати юзасидан ўрганиш натижалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ўтган йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан жами 245 та сессия ўтказилган. Улардан фақатгина 61 таси, яъни 25 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган.
Шунингдек, тадбирда куни кеча Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан “E-qaror” электрон тизимида мавжуд ҳужжатлар мазмунининг жамоатчилик учун очиқлиги ҳолати таҳлилига оид маълумотномага ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Яширин қарорлар фоизи бўйича юқори кўрсаткичли ҳудудлар кенгаш аъзоларига мазкур ҳолатни таҳлил қилиш ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар берилди.
Машғулот давомида ҳудудий кенгаш аъзоларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати