Жорий йилнинг 17 май куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Бухоро шаҳрида “Давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форуми” ўтказилди.

Илк маротаба ташкил этилаётган мазкур халқаро анжуман Марказий Осиё давлатларининг масъул давлат идоралари вакиллари ҳамда халқаро ва нодавлат ташкилотларнинг етакчи экспертлари иштирокида давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш ва ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.

Унда, шунингдек, Олий Мажлиси Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.Нарбаева кириш сўзи билан иштирок этди.

Форумда дастлаб Ўзбекистонда давлат раҳбарининг ташаббуси билан  давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарасига бағишланган тақдимот халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди. 

Таъкидланганидек, 2021-2022 йилларда қабул қилинган 64 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда очиқликни таъминлаш ҳамда турли соҳа ва йўналишларда шаффофлик механизмларини жорий этишга қаратилган 175 та вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

Мазкур топшириқларнинг 47 таси қонунчиликда амалда мавжуд бўлган тартиб-таомилларни очиқлик принциплари асосида такомиллаштиришга  қаратилган бўлса, 94 таси бўйича янги механизмларни жорий этиш назарда тутилган.

Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқ эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг қатъий рўйхати тасдиқланиб (ПФ-6247-сон, 16.06.2021 йил), ахборотлар жойлаштириладиган ресурс, янгилаб бориш муддати ва масъул ижрочилар аниқ белгилаб берилди.

Шу каби Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони (ПФ-154-сон, 14.06.2022 йил) билан давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодексга Қонун билан (ЎРҚ-786, 03.08.2022 йил) ўзгартириш ва қўшимчалар киритлиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатимизда рақамли технологиялардан кенг фойдаланилган ҳолда data.gov.uzmy.gov.uzregulation.gov.uzd.xarid.uze-qaror.uz ва бошқа онлайн платформаларда маълумотлар очиқ эълон қилиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, халқ депутатлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда туман шаҳар кенгашлари сессияларини жонли эфирга узатиш амалиёти йўлга қўйилди. Олий таълим муассасалари ва Президент таълим муассасалари кириш имтиҳонлари (тест ва ижодий имтиҳонлар) жараёнлари тўлиқ жонли эфирга узатиб борилмоқда.

Шу каби тизимли ислоҳотлар самараси ўлароқ Ўзбекистон “Open Data Watch” ташкилотининг “Open Data Inventory” (ODIN) Очиқ маълумотлар рейтингида  66 балл йиғиб, жаҳон бўйича 40-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади. (2020 йилда  63 балл билан 44-ўринни эгаллаган).

Ҳозирги кунда мамлакатимиз “Open data Inception” маълумотига кўра, жаҳон мамлакатлари орасида 124 та очиқ маълумотлар манбалари билан очиқ манбалар сони мавжудлиги бўйича дунёда 4-ўринни эгаллаб турибди.

Тақдимотдан сўнг Форум ўз ишини “Давлат идоралари фаолияти очиқлигининг коррупцияга қарши курашишдаги роли”, “Очиқ маълумотлар экотизимини яратишнинг долзарб масалалари”, “Очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик механизмлари” каби сессиялардаги муҳокамалар билан давом эттирди.

Мазкур сессиялар доирасида асосий эътибор коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича илғор механизмларни жорий этиш, бу борада миллий ва халқаро тажрибалар билан яқиндан танишиш, давлат хизматининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, қолаверса,  соҳадаги ҳуқуқий ва институционал базани янада такомиллаштириш масалаларига қаратилди.

Форумда Марказий Осиё давлатлари вакилларидан ташқари, Франция, Германия, Словения ҳамда Аргентина каби давлатлардан халқаро экспертлар ҳам иштирок этиб, ўз тажриба ва илғор амалиёти билан ўртоқлашди.

Мулоқотлар мобайнида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда очиқликни таъминлашга доир самарали сиёсатни ишлаб чиқиш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш масалаларида ҳам ўзаро фикр алмашилди.   

Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишга тушириладиган яна бир муҳим лойиҳа -  “Open Data” электрон платформасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур платформа давлат органлари ва  ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг салоҳиятини ошириш борасидаги тизимли ишларни янада такомиллаштириш мақсадида  ишлаб чиқилган бўлиб, у ходимларга иш жойидан ажралмаган ҳолда онлайн ўқиш имконини беради. 

Платформада ҳар бир ўқув модули якунида тингловчининг билими тест ва бошқа интерактив усуллар ёрдамида синовдан ўтказиш, тўплаган баллар асосида уларнинг рейтингини юритиш ва юқори натижага эришганларни моддий рағбатлантириш тизимини жорий этилган.

Форум якунида иштирокчилар томонидан берилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар асосида “Давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форуми” тавсиялари қабул қилинди.

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати

18 май, 2023