Агентлик томонидан давлат идоралари томонидан очиқликка оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан мунтазам ўрганиш ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонига асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш вазифалари юклатилган.

Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Агентлик томонидан давлат идоралари томонидан очиқликка оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан мунтазам ўрганиш ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.

Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида очиқликка оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши, шу жумладан, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган муддатларда ва ресурсларда эълон қилиниши мониторинг қилинди.

Ўрганиш давомида давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индексида фаолияти «қизил» тоифада баҳоланган 27 та давлат органлари ва ташкилотларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Жиззах, Сирдарё ва Андижон вилоятлари ҳокимликларига, шунингдек, Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, «Алоқабанк» АТБ, «Ўзавтосаноат» АЖларга очиқликни таъминлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мансабдор шахсига нисбатан МЖтКнинг 215-7-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилди.

Мазкур йўналишдаги ўрганишлар бошқа давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида ҳам давом эттирилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати

15 июн, 2023