Маълумки, очиқлик ва шаффофлик таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш институтлари коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Шу мақсадда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар натижасида давлат бошқарувининг барча соҳаларида, шу жумладан, суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминловчи янги механизмлар ҳаётга самарали жорий этилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон Фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисларини (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно) телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, судлар фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, адолатли суд қарорлари қабул қилиниши ҳамда судга нисбатан жамият ишончини ошириш мақсадида илғор халқаро тажрибалар асосида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этила бошланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3250-сон қарорида судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судлов ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш, суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва суиистеъмолчилик фактларига барҳам бериш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш бўйича судлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган интерактив хизматлардан бир манзил асосида фойдаланиш имконияти яратилди, шунингдек, судлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган интерактив хизмат турларидан фойдаланиш тартиби соддалаштирилди.
Мисол учун, бугунги кунда “exsud.sud.uz” сайти орқали судларга мурожаатларни электрон шаклда юбориш, уларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш ва суд қарорларини электрон шаклда олиш мумкин. Олий суд ва Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали судлар томонидан чиқарилган ижро ҳужжатларини мажбурий ижро бюроларига судьяларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда электрон шаклда юбориш ҳамда уларнинг ижросига доир маълумотларни онлайн тарзда олиш имконияти мавжуд.
“Мажлислар жадвали” — jadval.sud.uz орқали биринчи, апелляция ва кассация инстанцияларида суд мажлисига тайинланган ишлар рўйхати билан онлайн равишда танишиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, биринчи инстанция судларида ишларни судьялар ўртасида инсон омилисиз, адолатлилик ва холислик тамойиллари асосида автоматик тарзда тенг тақсимлаш имкониятини берувчи дастурий таъминот фаолиятга тўлиқ жорий этилди.
Фуқаролар ҳамда тадбиркорларга судга мурожаат қилишда амалга оширилиши лозим бўлган тўловларни тезкорлиги ва аниқлигини таъминлаш мақсадида “Электрон тўлов тизими” (billing.sud.uz) орқали давлат божлари ва судга мурожаат қилишдаги йиғимлар суммаси ҳисобини юритиш учун ягона электрон тўлов тизими ишга туширилди.
“Электрон қабул” (qabul.sud.uz) орқали масофадан туриб Олий суд раҳбариятининг шахсий қабулига онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш тизими, “Видеоконференцалоқа” (vka.sud.uz) рукни орқали замонавий воситалар (гаджетлар)дан фойдаланган ҳолда дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида иштирок этиш имконини берувчи мобил видеоконференцалоқа (синов тариқасида) жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сон Фармони суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Унда судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Бундан ташқари, Фармон билан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Олий суд кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилди. Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишга туширилди. Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар ишлаб чиқилди.
Бу каби чора-тадбирлар Ўзбекистонда очиқлик сиёсати қатъий ва изчил олиб борилаётгани, шунингдек, суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, одил судловни таъминлаш ва шу орқали судлар фаолиятидан халқимизни рози қилиш каби муҳим мақсадларга катта эътибор қаратиб келинаётганлигидан яққол далолат беради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати