Жорий йилнинг 13 октябрь куни Сенатда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари учун семинар ташкил этилди.
Унда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ОАВлари вакиллари ва экспертлар иштирок этди.
Тадбирда давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий тузилмалари томонидан очиқликни таъминлаш борасидаги ишларини кучайтириш, маҳаллий Кенгашларнинг томонидан ҳар бир сессияларни жонли эфирга узатиш ишларини янада жонлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Семинарда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Б.Сафаров Агентлик томонидан ўтган йил якунларига кўра давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни баҳолаш бўйича эълон қилинган Очиқлик индекси ҳамда унинг натижалари бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди.
Мулоқот мобайнида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни белгиланган ресурсларда эълон қилиниш ҳолати бўйича Агентлик томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган ўрганишлар ва уларнинг таҳлилига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Юқоридаги масалалар бўйича доимий комиссия раисларига давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий тузилмаларида очиқликни таъминлаш борасидаги ишларни самарали назорат қилиш, соҳада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Семинар якунида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ишларига эътиборни кучайтириш, доимий комиссия раислари, котибият мудирлари, ахборот хизматлари раҳбарларини соҳа мутахассислари билан ҳамкорлигини кенгайтиришга келишиб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати