Коррупцияга қарши курашиш ҳамда давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар белгиланди

”Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.  

Фармон билан 9 та устувор йўналиш, 30 та муҳим чора-тадбирлардан иборат Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023–2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди.

Давлат дастурида коррупцияга қарши курашишнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш, коррупцияга оид хабарлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, давлат харидларида товар (иш ва хизматлар)нинг нархларини назорат қилиш механизмларини яратиш, Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш соҳаси бўйича миллий экспертлар жамоасини босқичма-босқич шакллантириш, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030-йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиш каби бир қатор муҳим мақсадлар белгиланган.

2023 йил 1 декабрдан бошлаб Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати қуйидаги маълумотлар билан тўлдирилмоқда:

➖«Ҳаж» тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати;

➖болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати);

➖бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар;

➖нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари.

Шунингек, қуйидаги жараёнларни интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилади:

➖ фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун Илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси;

➖ барча академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари, махсус академик лицейлар (“Темурбеклар мактаблари” ҳарбий-академик лицейларининг тест жараёнлари), шунингдек, президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларига кириш имтиҳонлари;

➖ олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловлари.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирлари орқали давлат идораларининг ишонч телефонлари фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиб боради. Бунда Ишонч телефонлари (Call-markaz) ҳамда расмий веб-сайтларда эълон қилинган телефон рақамларнинг доимий равишда ишчи ҳолатдалиги текширилади.  Мониторинг Агентлик масъул ходимлари томонидан масофавий тартибда ўтказилади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича давлат идораларига тақдимнома киритилади.

Агентлик  томонидан халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларни онлайн ўқитишга қаратилган электрон платформа ишга туширилади.  Электрон платформа ўқув модулларини якуни бўйича ҳар бир тингловчи эгаллаган билим ва малакаси тест синовидан ўтказилиб, натижаларини тўпланган баллар рейтинги асосида очиқ эълон қилиб бориш тартиби жорий этилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати

27 ноябр, 2023