Инвестиция лойиҳалари доирасида ажратилган маблағларни мақсадли йўналтириш ва очиқликни таъминлаш борасидаги ишлар ўрганилмоқда

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, хусусан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни кенгайтириш юзасидан берилган топшириқлар, шунингдек, бир қатор Президент фармон ва қарорларида халқаро молия институтлари томонидан ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланишида очиқликни таъминлаш бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик директори Акмал Бурханов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари бугун Наманган вилоятида “Наманган вилояти Чуст, Поп ва Наманган туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳамда Чуст ва Мингбулоқ туманлари марказларида оқова сув тизимларини қуриш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишди.

Лойиҳа доирасида мазкур ҳудудларда 12 500 м3/сутка қувватли оқова сув тозалаш иншоотини қуриш, 20 та сув иншоотини реконструкция қилиш, 77 км ичимлик сув тармоқларини қуриш, 104 км сув тармоқларини реконструкция қилиш, 52 км оқова сув тармоқларини қуриш, машина ва механизмларни сотиб олиш назарда тутилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 84,5 млн АҚШ долларини ташкил этади, амалга ошириш муддати 2022-2026 йиллар этиб белгиланган.

Ўрганиш давомида лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ва қабул қилинган ҳужжатларнинг очиқлиги таъминланганлиги билан танишилди.

Шу кунга қадар лойиҳа доирасида хизматлар кўрсатиш бўйича режалаштирилган 2 та пакет доирасида 1,4 млн долларлик 1 та шартнома имзоланган, 1,8 млн. долларлик 16 та техника харид қилинган.

Агентлик томонидан лойиҳани амалга оширишга масъул ижрочи орган — “Ўзсувтаъминот” АЖ га маблағларнинг ажратилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, шу жумладан, лойиҳа мақсади, умумий қиймати, молиялаштириш режаси, асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар, лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати, лойиҳани амалга ошириш доирасида қабул қилинган ҳужжатлар, ўтказилган тендер ва танловлар тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайт, ижтимоий тармоқлар ва ОАВда эълон қилиб бориш юзасидан тавсиялар бериб келинмоқда.

Шунингдек, мазкур жараёнларда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш юзасидан доимий мониторинг тадбирлари амалга оширилмоқда.

Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаби ҳамда Агентлик кўрсатмасига асосан АЖнинг расмий веб-сайтида (https://uzsuv.uz/uz) алоҳида саҳифа ташкил этилган бўлиб, юқоридаги масалалар юзасидан мунтазам равишда тегишли маълумотлар (https://bit.ly/3Hh3tor) ўз вақтида жойлаштириб келинмоқда.

Агентлик томонидан лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан шу каби назорат ишлари изчил давом эттирилади.



Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати

7 February, 2024