давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий йилнинг II чорагида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни белгиланган ресурсларда эълон қилиниш ҳолати ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон фармонига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш вазифаси юклатилган.
Шунга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий йилнинг II чорагида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни белгиланган ресурсларда эълон қилиниш ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш давомида жами 93 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, 14 та маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 21 та вазирлик, 7 та қўмита, 11 та агентлик, 7 та марказий муассаса, шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган 10 та акциядорлик тижорат банклари ва 23 та акциядорлик жамиятлари ва компанияларнинг белгиланган маълумотларни ўз расмий веб-сайтлари ва Очиқ маълумотлар порталида ўз вақтида ва тўлиқ жойлаштирилиши таҳлил қилинди.
Аниқланишича, мониторинг ўтказилган республика даражасидаги 93 та давлат органлари ва ташкилотларининг фақатгина 33 таси (35 фоизи) жорий йилнинг II чораги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони билан белгилаб берилган мажбуриятларнинг ижросини 50 фоиз ва ундан юқори самарадорлик, 60 таси эса 50 фоиздан паст самарадорлик билан таъминлаган.
Жумладан, ҳисобот даври давомида 93 та давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони билан белгилаб берилган жами 1109 та мажбуриятларнинг умумий ҳисобда 426 тасининг (38 фоизи) ижроси таъминлангани аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони билан белгилаб берилган жами мажбуриятларнинг Давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ижроси қуйидагича:
· вазирликлар — 46%
· агентликлар — 41%
· қўмиталар — 40%
· давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган АТБлар — 40%
· маҳаллий давлат ҳокимияти органлари — 35%
· марказий муассасалар — 35%
· АЖ ва компаниялар — 30%
Маълум бўлишича, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни белгиланган ресурсларда очиқ эълон қилиш ҳолати бўйича энг қониқарсиз кўрсаткич давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятлари ва компаниялар томонидан қайд этилган.
Айниқса, “Uzbekistan airways” АЖ, “Ўзбеккўмир” кўмир казиб олиш ва сотиш АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Йўлқурилиш” АЖ, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК, “Ўздонмаҳсулот” АК, “Қишлоққурилишинвест” ИК жорий йилнинг II чораги давомида ўз фаолиятига оид 10 турдаги очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни умуман жойлаштирмаган.
Ёки, шу каби ҳолатларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (12 турдаги), шунингдек, Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги (14 турдаги) мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Шунингдек, ўрганиш давомида ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг турлари бўйича масъул давлат идоралари томонидан эълон қилиниш ҳолати таҳлил қилинди.
Қуйидаги давлат идоралари томонидан ижроси таъминланмаган бандлар келтирилади:
тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда, унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини бериш бўйича очиқ танлов ғолиблари бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар;
маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар;
давлат органларига доимий фойдаланиш учун берилган ер майдонлари ва бошқа мол-мулкларни давлат-хусусий шериклик асосида олган юридик ва жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идораларнинг ташқи ёки ишончли бошқарувга берилган давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари, ишончли бошқарувчи томонидан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар тўғрисидаги маълумотлар.
Ёки, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар фақатгина 34 та давлат идораси томонидан, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари 32 та, хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар 47 та, тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси тўғрисидаги маълумотлар 34 та давлат идоралари томонидан белгиланган ресурсларда очиқ эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтининг бош саҳифасида алоҳида бўлимга жойлаштирилиши, ушбу талаб бажарилмаган тақдирда, улар эълон қилинмаган деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Бироқ, ушбу талаб 2022 йил 1 июлдан бошлаб кучга кириб, Агентлик томонидан бу борадаги ишлар қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилган бўлсада, “Uzbekistan Airports”, “Uzbekistan airways”, “Йўлқурилиш” “Ўзавтосаноат” АЖ ҳамда Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан расмий веб-сайтда очиқ маълумотларнинг жойлаштирилиши фуқаролар учун қулай тарзда ташкил этилмаган.
Шу билан бирга, айрим давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фаолият очиқлигини таъминлаш борасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилганлигини кўриш мумкин.
Мисол учун, 2022 йил якунлари бўйича эълон қилинган давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индексида қониқарсиз натижа қайд этиб, “қизил” тоифага киритилган “Туронбанк” АТБ жорий йилнинг 2-чорагида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ўз вақтида ва белгиланган ресурсларда тўлиқ жойлаштирган.
Ёки, шу каби ижобий ўзгаришлар “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимияти, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (мазкур давлат идоралари Очиқлик индексида паст кўрсаткич қайд этган) томонидан амалга оширилган.
Ўрганиш натижаларига кўра очиқликни таъминлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича соҳага масъул раҳбар ҳамда ходимлар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниши ҳамда унда қайд қилинган қонун бузилишларини келиб чиқишига имконият яратиб берган ва сабабчи бўлган мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласида 11 та давлат органи ва ташкилотларига тақдимономалар юборилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати