ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2023 йилда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш соҳасида эришилган асосий ютуқлар, шунингдек, учраётган камчиликлар таҳлил қилинди.

Хусусан, Агентлик томонидан очиқлик соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, очиқ маълумотлар кўламини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, амалдаги қонунчилик ҳужжатларидаги бўшлиқларни тўлдирилиб, ижросини таъминлаш бўйича тизимли таҳлилларга асосланган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўтган даврда очиқликни таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчилик илғор халқаро стандартлар талаблари асосида такомиллаштирилиб, хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибаси амалиётга самарали жорий этилди.

Таҳлилларга кўра, 2017-2023 йилларда қабул қилинган 180 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда очиқлик ва шаффофлик механизмларини жорий этишга қаратилган 328 та вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган.

Улардан 187 тасида амалдаги механизмлар очиқлик принциплари асосида такомиллаштирилган бўлса, 141 таси бўйича янги амалиёт йўлга қўйилди.

Биргина, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг очиқ эълон қилиш тизими йўлга қўйилганлиги натижасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 138 та ҳолатда йўл қўйилган қонунбузилишлари бартараф этилиб, 110 млрд. сўмлик давлат харидлари бекор қилинди.

Ёки, бугунги кунда 123 та давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш имконини берувчи 615 дан ортиқ алоқа каналлари (“Ишонч телефони”, электрон почта ва бошқа электрон манзиллар, платформа ҳамда бошқа махсус дастурий таъминот) очиқ эълон қилиниб, тизимли фаолияти йўлга қўйилган.

Фаолияти очиқлиги ўрганилган 103 та давлат идорасининг 75 фоизи 2023 йилда ўз фаолиятига оид ҳисоботларни очиқ эълон қилиб, жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниши таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида очиқ маълумотлар кўлами янада кенгайтирилиб, соҳада жамоатчилик назоратини таъминлашга қаратилган янги механизмлар жорий этилди.

Жумладан, Фармонга мувофиқ 2023 йил 1 декабрдан бошлаб “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати, бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлар очиқ эълон қилиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар тоифасига киритилди.

Шунингдек, Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирлари орқали давлат идораларининг ишонч телефонлари фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Бу борада, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг Ишонч телефонлари (Call-markaz) ҳамда расмий веб-сайтларда эълон қилинган телефон рақамларнинг доимий равишда ишчи ҳолатдалиги, маълумотлар алмашинуви самарадорлиги, қайта алоқанинг мавжудлиги, тезкорлиги ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши масофавий мониторинг тартибда ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида давлат идораларига тақдимнома киритиш тартиби  белгиланди.

Бундан ташқари, Фармон асосида қуйидаги жараёнларни интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилди:

- фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун Илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси;

- академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари, махсус академик лицейлар (“Темурбеклар мактаблари” ҳарбий-академик лицейларининг тест жараёнлари), шунингдек, президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларига кириш имтиҳонлари;

- олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловлари.

Жорий йилнинг 1 апрель куни давлат органлари ва ташкилотларининг 2023 йил учун “Очиқлик индекси” натижалари эълон қилинди.

“Очиқлик индекси” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2023 йилда очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги асосида баҳоланди.

Иккинчи бор эълон қилинаётган “Очиқлик индекси” 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида баҳоланган.

Самарадорлик кўрсаткичлари 71 баллдан 100 баллгача баҳоланганлар - “яшил”, 55 баллдан 71 баллгача баҳоланганлар - “сариқ” ва 55 баллдан паст кўрсаткич қайд этганлар - “қизил” тоифаларга киритилади.

Жорий йилдаги баҳолашда жами 103 та (2022 йилда – 86 та) республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирлик, қўмита, агентлик, инспекциялар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинган. Якуний натижалар кенг жамоатчилик учун index.anticorruption.uz плафтформаси орқали эълон қилинди.

Баҳолаш натижаларига кўра,  31 та давлат органи “яшил” (71-100 балл), 43 таси “сариқ” (55-71 балл) ва 29 таси “қизил” (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичларини қайд этган.

Баҳолаш натижаларига кўра, фаолият самарадорлиги “яшил” тоифадаги давлат идоралари сони ўтган йилга нисбатан 16 тага (13%га) ортган.

Шунингдек, 2022 йил якуни бўйича “қизил” тоифага киритилган “Ўзсувтаъминот” АЖ (2022 йилда – 47 балл, 2023 йилда - 81 балл), “Туронбанк” АТБ – (2022 йилда 53 балл, 2023 йилда - 78 балл), “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ (2022 йилда 48 балл, 2023 йилда - 77 балл), “Ҳудудгазтаъминот” АЖ (2022 йилда 52 балл, 2023 йилда - 75 балл) фаолиятида 2023 йил баҳолаш натижалари бўйича кескин ижобий ўсиш кузатилган.

Натижадорлик кўрсаткичлари ўтган йилдаги баҳолашга нисбатан Коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳамда Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши индикаторлари бўйича ортган.

Жумладан, Очиқ маълумотлар порталида маълумотларнинг эълон қилинишини баҳолаш мезони талаблари ижроси 12 та давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 100 фоиз натижадорлик асосида ижро этилган.

Ёки, Жамоатчилик кенгашининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезони талабларида 6 та давлат органлари томонидан тўлиқ бажарилиб, ушбу йўналишдаги фаолият очиқлиги таъминланган.

2023 йил учун “Очиқлик индекси”да энг юқори натижадорлик  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги (88 балл), “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ (86 балл), Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (86 балл), “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (84 балл) ва Хоразм вилояти ҳокимлиги (84 балл) томонидан қайд этилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Тошкент (69 балл), Бухоро (67 балл), Жиззах (66 балл), Самарқанд (63 балл), Фарғона (57 балл), Сирдарё (57 балл) вилоятлари ва Тошкент шаҳар (64 балл) ҳокимликлари “сариқ” тоифада, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё ва Андижон вилоят ҳокимликлари 55 баллдан паст кўрсаткич билан “қизил” тоифада баҳоланган.

Республика даражасидаги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (15 балл), Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги (26 балл), Тоғ-кон геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси (27 балл) ҳамда   “Пойтахтбанк” АЖ (33 балл) “қизил” тоифада баҳоланган.

Соҳадаги натижадорлик кўрсаткичлари халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон “Open Data Watch” ташкилотининг “Open Data Inventory” (ODIN) Очиқ маълумотлар рейтингида 70 балл тўплаб, жаҳон бўйича 30-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллаган (2020 йилда 63 балл билан 45-ўринни эгаллаган).

“Open Data Watch” очиқ маълумотлар ва расмий статистика асосида фаолият кўрсатувчи халқаро нотижорат ташкилоти ҳисобланиб, мазкур рейтингда мамлакатларнинг статистик таклифлари тўлиқлиги ва улардаги маълумотлар халқаро очиқлик стандартига мослиги баҳолаб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатишни таъминлаш белгиланган.

Шунга кўра, 2021 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгаши сессиялари телеканаллар ва Интернет платформалари орқали мунтазам жонли эфирга узатиш йўлга қўйилди.

Мазкур самарали амалиётнинг йўлга қўйилиши, фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлик даражасини, шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг давлат бошқарувидаги роли ва нуфузини оширишга, вакиллик органларида кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинган масалалар юзасидан аҳолининг ўз вақтида муносабат билдириш имконини бермоқда.

2023 йил давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан маҳаллий халқ депутатлари Кенгаши сессиялари жонли эфирга узатилиши мунтазам мониторинг тартибида ўрганиб борилди.

Очиқлик соҳасида хорижий давлатларнинг тажрибаси ва илғор халқаро стандартлар талаблари ўрганилган ҳолда, Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тўлдириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди.

Очиқ маълумотлар кўламини кенгайтириш ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тўлдириб бориш билан бирга, янги платформа ва очиқ маълумотлар тўпламлари асосида яратилган мобил иловалар асосида амалиётга жорий этиш режалаштирилмоқда.

5 апреля, 2024